Испания ҳакамлари касаба уюшмаси маҳаллий футбол раҳбариятига мурожаат қилди. Улар «Реал Мадрид» президенти Флорентино Переснинг Испания футболидаги ҳакамлик ҳақидаги шов-шувли баёнотларидан сўнг, унга нисбатан интизомий иш очишни талаб қилишди.
Низога Переснинг яқинда айтган гаплари сабаб бўлди — у ҳакамларни «тизимли коррупция»да айблади ва Мадрид клубидан «бир нечта чемпионлик ўғирланганини» таъкидлади.
Касаба уюшмаси ўз расмий мурожаатида бундай баёнотларни оддий спорт танқиди деб ҳисоблаб бўлмаслигини маълум қилди. «Гап ҳакамлар корпусининг шаъни ва касбий обрўсига нисбатан ҳеч қандай суд далилларисиз қилинган жиддий, асоссиз ва тизимли ҳужум ҳақида кетмоқда», — дейилади эълон қилинган баёнотда.
Ҳакамлар суриштирув ишлари давом этаётган вақтда Переснинг бу каби оммавий баёнотларини тўхтатишини, шунингдек, маънавий ва обрўга етказилган зарар учун товон пули ундиришни талаб қилишмоқда.













