Англиянинг «Брентфорд» клуби расмий сайтида Австриянинг «РБ Зальцбург» жамоаси ҳимоячиси Янник Шустернинг трансферини эълон қилди.
«19 ёшли футболчи 2031 йилнинг июнь ойигача мўлжалланган шартномага имзо чекди. Шартномада уни яна бир йилга узайтириш имконияти ҳам кўзда тутилган.
Марказий ҳимоячи Ғарбий Лондонга «Зальцбург»нинг асосий таркибида мустаҳкам ўрин эгаллаб етиб келди. У жорий мавсумда барча мусобақаларда 29 та ўйинда майдонга тушиб, битта гол уришга муваффақ бўлди.
Австриянинг 21 ёшгача бўлган ёшлар терма жамоаси аъзоси ҳисобланган Шустер, шунингдек, жорий мавсумда Европа Лигасида уч бор иштирок этди. Жумладан, Премьер-лига вакили «Астон Вилла»га қарши ўйинда асосий таркибда майдонга тушди», — дейилади клуб хабарида.













