«Ливерпуль» марказий ҳимоячиси Виржил ван Дейк «Астон Вилла»га қарши ўйинда дубль қайд этди, бироқ бу унинг жамоасини мағлубиятдан (2:4) қутқариб қола олмади. «Қизиллар» сардори Англия Премьер-лигасининг охиргидан олдинги тур баҳсининг 51 ва 91-дақиқаларида рақиб дарвозасини ишғол қилди.
Шу тариқа, нидерландиялик футболчининг жорий чемпионатдаги голлари сони 6 тага етди – бу ҳимоячилар ўртасидаги энг яхши кўрсаткичдир. 34 ёшли марказий ҳимоячи ушбу мавсумда рақиблар дарвозасига тўрт мартадан йўл топган Малик Тиав, Микки ван де Вен, Кристиан Ромеро ва Даниэль Муньосни ортда қолдиришга муваффақ бўлди.
Якуний тур олдидан «Ливерпуль» турнир жадвалида бешинчи ўринни эгаллаб турибди. 24 май куни Арне Слот жамоаси мавсумнинг сўнгги ўйинида ўз майдонида «Брентфорд»ни қабул қилади.













