Сўнгги ҳафталарда матбуотда ярим ҳимоячи Эдуардо Камавинганинг ёзги трансфер ойнасида «Реал»ни тарк этиши мумкинлиги ҳақида жуда кўп ёзилди. Эндиликда франциялик футболчининг келажагига оид янги маълумотлар пайдо бўлди.
The Touchline нашри инсайдер Хорхе Пиконга таянган ҳолда хабар беришича, «Реал» Мадрид клубининг келаётган ёзда Камавингани сотиш борасида ҳеч қандай режаси йўқ. Бундан ташқари, 23 ёшли франциялик футболчининг ўзи ҳам клубини ўзгартириш ниятида эмас.
Эдуардо Камавинга шу кунгача «Реал» таркибида 223 та расмий учрашувда майдонга тушган. Ушбу баҳсларда франциялик ярим ҳимоячи ўз ҳисобига 6 та гол ва 11 та голли узатма ёздириб қўйишга муваффақ бўлган. Камавинганинг «Мадрид» билан амалдаги шартномаси 2028/2029 йилги мавсум якунига қадар мўлжалланган.













