Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Иордания - Ўзбекистон тўқнашуви борасида 10та факт

Баҳо:
+ | -

Иорданиянинг Ammonnews.net сайти Иордания ва Ўзбекистон терма жамоалари ўртасидаги тўқнашувдан олдин 10та фактни эълон қилди.

1. Иордания ва Ўзбекистон терма жамоалари ўзаро 7 марта куч синашишган. Жамоалар ўртасидаги дастлабки баҳс 2001 йилнинг 27 апрель куни ЖЧ-2002 саралаш босқичи доирасида ўказилган. Тошкентда ўтказилган учрашувда 2:2 ҳисоби қайд этилганди. Жамоалар ўртасидаги сўнгги ўйин эса бундан бир йил олдин, 2012 йилнинг 15 август куни Аммон шаҳрида ўтказилди ва унда мезбонлар 2:0 ҳисобида ғалаба қозонишди. Бу иорданияликларнинг ўзаро учрашувлар тарихидаги ягона ғалабаси ҳисобланади. Ўзбекистон рақибни 3 марта мағлубиятга учратган бўлса, 3та ўйин дуранг билан интиҳо топган. Тўплар нисбати ҳам Ўзбекистон фойдасига — 12-9.

2. Иордания терма жамоаси илк марта ЖЧ саралашининг плей-офф босқичига етиб келди. ЖЧ-2014 саралаш босқичи давомида 16 марта майдонга тушган иорданияликлар, уларнинг ярмида ғалаба қозониб, 6тасида мағлубиятга учраган. Иккита ўйин эса дуранг билан якунланган. Рақиблар дарвозасига жами 28та гол урилган. Битта ўйинда киритилган ўртача гол кўрсаткичи 1,7 га тенг. Иордания ўз дарвозасидан 24та гол ўтказиб юборган.

3. Ўзбекистон эса ЖЧ-2006 саралаш босқичида плей-оффда иштирок этган. Баҳрайнга қарши ўйинларда 1:1 ва 0:0 ҳисоблари қайд этилган ва сафарда урилган гол қоидаси ўзбекларнинг зарарига ишлаган. "Оқ бўрилар" ҳам ЖЧ-2014 саралаш кампаниясида 16 марта майдонга тушиб, 11 марта зафар қучган ва бор-йўғи 2 марта мағлубиятга учраган (Жанубия Корея ва Эрондан). Рақиб дарвозасини 26 марта ишғол қилган ўзбеклар, ўз дарвозасидан атиги 7та гол ўтказиб юбориб, Осиёнинг энг яхши ҳимояга эга бўлган жамоаларидан бири бўлиб турибди. Бу борада энг яхши натижа Эронга тегишли: битта ўйинда ўртача 0,4та гол ўтказилган.

4. Ҳассан Абдул Фаттоҳ Иордания терма жамоасининг саралаш босқичидаги тўпурари бўлиб турибди. У 7 марта рақиб посбонларини хафа қилди. Улардан 4таси илк босқичдаги рақиб — Непал дарвозасига киритилган. Ўшанда Иордания бу жамоа дарвозасига жавобсиз 9та гол уришга муваффақ бўлганди. Ўзбекистон терма жамоасининг голлари эса 12 нафар футболчи номига ёзилган. Баҳодир Насимов барчадан кўпроқ гол урган — 4та.

5. Ўзбекистон миллий терма жамоаси ФИФА рейтингида 566 очко билан 59-ўринни эгаллаб турибди. Қитъада эса бешинчи рейтинг кўрсаткичга эга. Уларнинг ФИФА рейтингидаги энг юқори ўрни 45-поғона бўлган. Бу натижа 2006 йилнинг ноябридан 2007 йилнинг январига қадар сақланиб турган. Иордания эса рейтингда 495 очко билан 71-ўринни банд этган. Қитъа миқёсида эса 6-ўрин уларга тегишли. Иордания 2004 йилнинг август ойида 37-ўрингача кўтарилган бўлса, 1996 йилнинг июлида 152-поғонага тушиб кетган.

6. Иордания терма жамоаси бош мураббийи Ҳуссом Ҳассан томонидан эълон қилинган Ўзбекистонга қарши ўйинлар учун 28 кишидан иборат кенгайтирилган рўйхатдагиларнинг 8 нафари легионерлар ҳисобланади. Улар Саудия Арабистони, Кувайт ва Швейцария чемпионатларида тўп суришади.

7. Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Миржалол Қосимов йиғинга жалб қилган 25 нафар футболчининг 11 нафари бошқа чемпионатларда тўп суришади. Легионер футболчилар Россия, Қозоғистон, Хитой, Жанубий Корея ва БАА клубларида фаолият олиб боришади.

8. Иордания терма жамоаси 4-саралаш босқичининг сўнгги турида Уммон устидан қозонилган ғалаба учун ҳал мукофот пулини олмади. Бу эса футболчиларда норозиликни келтириб чиқарди. Натижада жамоа етакчиси Босим Фатхий машғулотларда иштирок этмаяпти. Шунингдек, дарвозабонлар мураббийи ҳам ҳозир терма жамоа билан бирга эмас. Бундан ташқари Сурияга қарши ўйин арафасида ва ундан кейин бош мураббий Ҳуссом Ҳассан ва айрим футболчилар ўртасида келишмовчилик юзага келган. Бош мураббий эса Ассоциация раҳбариятидан Уммон устидан қозонилган ғалаба учун мукофот пулларини беришни талаб қилган. Мукофот пули берилган ёки берилмагани ҳақида аниқ маълумот йўқ, бироқ ҳозирда терма жамоанинг машғулот жараёни бир маромда давом этмоқда.

9. Ўзбекистон терма жамоаси Иордания келиш ва қайтиш учун нисбатан кўпроқ куч йўқотади. Икки ўйин вақти орасидаги фарқ 4 кун эканини инобатга олсак, тикланиш борасида Ўзбекистон терма жамоаси муаммога дуч келиши мумкин. Аммон ва Тошкент орасидаги масофа 3129 км.ни ташкил этади. Бу масофани машинада босиб ўтиш учун 34 соат вақт керак бўлади. Бу масофани Ўзбекистон терма жамоаси чартер рейс орқали босиб ўтади. Шунингдек, Иордания делегацияси ҳам Тошкентга чартер рейс орқали ташриф буюрмоқчи. Бундай ҳолат Иордания терма жамоаси тарихида илк марта рўй беради.

10. Иорданиядаги дастлабки ўйинни япониялик Юичи Нишимура бошчилигидаги ҳакамлар гуруҳи бошқариб боришади. 41 ёшли ҳакам 2010 йили ЖАРда бўлиб ўтган Мундиалда ҳам иштирок этган. У Уругвай - Франция баҳсини бошқарган ваа уругвайлик Николай Лодейрога қизил карточка кўрсатган. "Мандела Бэй" стадионида бўлиб ўтган Голландия ва Бразилия ўртасидаги чорак финал баҳсида ҳам Нишимура нидерландлик Фелипо Мелони 73-дақиқада майдондан четлатган. Юичи 2010 йили клублар ўртасидаги ЖЧнинг финал баҳсини ("Интер" - "Мазембе") ҳам бошқарган.

Манба: www.ammonnews.net
Киритилди: 08:30, 04.09.2013.
Ўқилди: 9689 марта.
Фикрлар: 23 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.