«Реал» клуби раҳбари Флорентино Перес клубдаги президентлик сайловларида ғалаба қозонишига тўлиқ ишонаётган кўринади. Сайловлар тез орада, яъни 7 июнь куни бўлиб ўтади — унда Пересга Энрике Рикельме рақобатчилик қилмоқда.
Шу билан бирга, Перес келаётган сешанба куни «Бавария»га юлдуз футболчи борасида таклиф юборишни режалаштириб қўйган: у Майкл Олисе учун 150 миллион евро тўлашга тайёр. Переснинг ушбу режалари ҳақида инсайдер-журналист Фабрицио Романо бир нечта ҳамкасбларига таянган ҳолда ўз ижтимоий тармоқларида маълум қилди.
Айни пайтда Романо «Бавария» бошқарув кенгаши аъзоси Ули Хёнесснинг шу йилнинг май ойида айтган сўзларини ҳам эслатиб ўтди. Ўшанда Хёнесс клуб Олисени ҳатто 200 миллион евро эвазига ҳам сотмаслигини таъкидлаган эди.
Майкл Олисе ҳозирда 24 ёшда. У 2025/2026 йилги мавсумда «Бавария» сафида барча турнирларда 52 та ўйинда майдонга тушиб, 22 та гол урди ва 31 та голли узатмани амалга оширди.













