Испания терма жамоаси бош мураббийи Луис де ла Фуэнте тез орада Жаҳон чемпионати учун қайдномани белгилаб олади. Мундиалда «қизил фурия» шарафини ҳимоя қиладиган футболчиларнинг тўлиқ рўйхати 25 май куни эълон қилинади. Таркибга киришга номзодлардан бири сифатида «Барселона» футболчиси, ҳозиргача миллий жамоада дебют қилмаган Марк Берналь тилга олинмоқда.
«Жаҳон чемпионатига чақирув ҳақида ҳеч кимга олдиндан хабар беришмайди — футболчилар буни худди журналистлар ва бошқалар қатори бир вақтда билиб олишади. Турнирга боришингга ҳеч қачон юз фоиз амин бўла олмайсан. Ҳозирча ёз учун ҳеч қандай режа туза олмайман — қайднома эълон қилинишини кутиш керак», — дея «Barca Universal» иқтидорли ярим ҳимоячининг сўзларидан иқтибос келтирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 26 май куни Марк Берналь 19 ёшини қарши олади. Жорий мавсумда у «кўк-анорранглилар» сафида барча турнирларда 32 та ўйинда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 5 та гол ва битта голли узатмани ёздириб қўйди.













