«Кристал Пэлас» бош мураббийи Оливер Гласнер Премьер-лиганинг сўнгги тури доирасида «Арсенал»га қарши кечадиган баҳс олдидан Эберечи Эзе ҳақида фикр билдирди. Яқиндагина «бургутлар»нинг собиқ футболчиси «канонирлар» сафида Англия чемпионига айланди.
Эслатиб ўтамиз, ҳужумкор ярим ҳимоячи ўтган йилнинг август ойида Микель Артета жамоасига кўчиб ўтган эди, унгача эса у «Тоттенхэм»га ўтишга жуда яқин келганди.
«Мен «Арсенал»ни буюк муваффақият — 22 йил деганда қўлга киритилган илк титул билан табриклашни истайман. Клуб фантастик ҳажмдаги ишларни бажарди. Шунингдек, бошқа клубни эмас, айнан «Арсенал»ни танлаб, энг тўғри қарорни қабул қилди деб ҳисоблаганим — Эзени ҳам алоҳида табриклайман», — дея матбуот анжуманида баёнот берди Гласнер.
АПЛ сўнгги турининг барча учрашувлари 24 май куни, Тошкент вақти билан соат 20:00 да старт олади.













