“Манчестер Сити” расмий саҳифаси клубнинг мавсумдаги энг яхши футболчиси номини эълон қилди. Овоз бериш якунларига кўра, Нико О’Райли ушбу соврин эгасига айланди. Англиялик ҳимоячи Абдуқодир Ҳусанов ва Жереми Докуни ортда қолдирди.
“Нико мавсумнинг энг яхши ўйинчиси соврини учун курашда ғолиб чиққан энг ёш футболчимизга айланди. У ушбу мукофотни 1998 йилда айнан 21 ёшида қўлга киритган Майкл Браундан икки ойга ёшроқдир”, дейилади хабарда.
О’Райли жорий мавсумда “Сити” сафида 53 та учрашувда ўтказиб, жами 4043 дақиқа майдонда ҳаракат қилди.
“Шаҳарликлар” Англия Лига Кубоги ва Англия Кубогидаги ғалабалардан сўнг ички дубльни расмийлаштирди. Бундан ташқари, АПЛ бош соврини учун “Арсенал” билан 37-турга қадар кураш олиб борди ва якунда 2-ўринни қўлга киритди.
Ўтган мавсумда ҳимоячи Йошко Гвардиол “Сити”да мавсумнинг энг яхши футболчиси деб топилган эди.
Абдуқодир Ҳусанов учун 2025/26 йилги мавсум кескин юксалиш даври бўлди. Ҳусанов жароҳатлар гирдобида қолган ҳимоя чизиғини мустаҳкамлаш мақсадида клуб скаути Чики Бегиристайннинг саъй-ҳаракатлари билан 2025 йилнинг январида “Ланс”дан “Сити”га келиб қўшилган эди.
Пеп Гвардиола унинг ўсишидан ҳайратда эканлигини яширмади ва уни “топ харид”, клуб уни сотиб олишдан олдин анча вақт кузатув остида ушлаб тургани ва у “мураббий кўрсатмаларини жуда тез оладиган махсус футболчи” эканини таъкидлади.
У ушбу мавсумда 34 та ўйинда майдонга тушди, жумладан, Лига Кубоги ва Англия Кубоги финалларидаги ёрқин ўйинлари орқали “Сити” сафидаги дастлабки совринларини қўлга киритди.
Сўнгги пайтларда у январь ойида жамоага келган Марк Гехи билан мустаҳкам тандем ҳосил қилди. Бу жуфтлик жамоага қўшалоқ кубоклардан ташқари, мавсумнинг сўнгги ҳафтасига Премьер Лига чемпионлиги учун курашишга ҳам мустаҳкам пойдевор яратиб берди.
Ҳусанов, шунингдек, 2026 йилда январь ва март ойларининг энг яхши футболчиси мукофотларини қўлга киритган эди.













