«Ливерпуль» собиқ ҳимоячиси Жейми Каррагер Англия терма жамоаси бош мураббийи Томас Тухелнинг Жаҳон чемпионати-2026 учун қайднома борасидаги қарорларини қўллаб-қувватлади.
«Тухелнинг футболчиларнинг обрў-эътиборига эътибор бермаётгани менга ёқмоқда — Англия терма жамоасида у менинг мураббийим бўлишини истардим. Терма жамоанинг аввалги мураббийлари Жаҳон чемпионати учун таркиб танлашда машҳур номларнинг кўнглига қарашга ҳаракат қилишарди, аммо бу немис мутахассиси ўз танлови билан кимнингдир норозилигига сабаб бўлишдан қўрқмайди. Томас Тухель футбол ассоциацияси жуда муҳтож бўлган мураббий эканини исботлади.
Англия терма жамоасидаги фаолиятим давомида ва ҳозирги экспертлик ролимда мураббийларимизга доим бир хил таъна тошлари отиларди. Кўпчилик келди ва кетди, уларни юлдузларга ёқишга уринишда, таркибни футболчиларнинг номига қараб танлашда ва кимнингдир кўнглини оғритиб қўйишдан қўрқишда айблашган. Шунингдек, улар жамоа мувозанатини биринчи ўринга қўйишмасди, чунки бу машҳур ва иқтидорли ўйинчиларнинг ташқарида қолишини англатарди.
Ишончим комил вақтида терма жамоада мураббийлар, агентлар, етакчи футболчилар ёки журналистлар каби жуда кўпчиликнинг овозига қулоқ соладиган мураббийлар бўлган ва уларнинг барчаси маълум футболчиларни чақирмаслик оқибатларидан огоҳлантиришган. Тухель эса ўз услубида ишламоқда. Унинг қарорларига қўшилмаслигингиз мумкин, лекин унинг услубига қойил қолмай илож йўқ.
Биз Англия терма жамоасини кучли мураббий бошқаришини хоҳлаб туриб, айни пайтда ундан албатта бизнинг севимли футболчиларимизни танлашини талаб қила олмаймиз.
Тухель танлаган йўналишни кўриб, дарҳол шу ҳақда ўйладим: афсус, у 20 йил олдин терма жамоада менинг мураббийим бўлмаган экан. Менинг давримда Англия таркиби одатда шундай шакллантириларди: аввал мамлакатдаги энг яхши деб ҳисобланган иложи борича кўп футболчиларни йиғиб олишарди, кейин эса уларнинг барчасини асосий таркибга қандай сиғдиришни ўйлашарди.
Айниқса, 2000 йиллар бошидаги «олтин авлод» даврида ва мен ўйнаган 2006 ҳамда 2010 йилги Жаҳон чемпионатларида «тўртбурчак қозиқларни доира шаклидаги тешикларга тиқишга» (мос келмайдиган ўйинчиларни бирга ўйнатишга) уринганимизга сон-саноқсиз мисоллар келтириш мумкин. 1966 йилдан бери бир хил хатоларни такрорлаб, бошқача натижа кутиш бемаъниликдир.
Жума куни эълон қилинган 26 нафар футболчи рўйхатининг мантиқини шундай хулосалаш мумкин: энергия ва уйғунлик иқтидордан муҳимроқ. Тухель футболчилик маҳоратидан ташқари, яхши характерга эга деб ҳисоблаганларни танлади. Охир-оқибат, муваффақият ёки муваффақиятсизлик майдонда содир бўладиган воқеаларга боғлиқ — энг муҳими ўша ерда ҳал бўлади.
Тухель ўз танловини сўнгги икки йил давомида шакллантирган жамоа ҳақидаги қарашлари асосида амалга оширди. Ушбу таркиб Англияга Жаҳон чемпионатида ғалабани кафолатлайди деб ҳисоблайманми? Йўқ, лекин мен ҳозирги Англиянинг бошқа таркибларига ҳам ғалабани башорат қилмаган бўлардим. Фақатгина юқори даражадаги ўйинлар серияси чемпионлик кутиш вақти тез орада тугашига бўлган ишончни мустаҳкамлайди.
Тухель шуни тушуниш учун етарлича доноки, унинг таркиби чемпионлик имкониятларини оширган ёки камайтиргани ҳақидаги энг тўғри хулосалар фақат турнирдан кейин чиқарилади», — деб ёзди Каррагер.













