Кириш Регистрация
30/05 21:00 ПСЖ - Арсенал

ЎзПФЛ Тартиб-интизом қўмитаси Темур Кападзе ва қатор футболчиларни жазолади

Баҳо:
+ | -

Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси (ЎзПФЛ) қошидаги Тартиб-интизом қўмитасининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Суперлига, Ўзбекистон Кубоги, Про лига, Биринчи лига ҳамда U19 чемпионати баҳсларида юз берган қоидабузарликлар кўриб чиқилиб, тегишли жазо чоралари белгиланди.

Қуйида турнирлар кесимида қабул қилинган асосий қарорлар билан танишишингиз мумкин:

1. Суперлига: Темур Кападзе жаримага тортилди

«Насаф» — «Навбаҳор» (11-тур) учрашувидан сўнг наманганликлар устози Темур Кападзе регламент талабларини бузган ҳолда, ўйин қайдномасига расмий эътироз киритмасдан, матбуот анжуманида ҳакамликни танқид қилган. Қўмита кодекснинг 77-моддасига асосланиб, мутахассисга нисбатан жарима жазосини қўллади.

2. Ўзбекистон Кубоги: Қўполлик ва ташкилий камчиликлар

  • Маҳмуд Жўрабоев («Машъал»): Рақибнинг юзига боши билан зарба бергани учун 3 та ўйинга четлатилди ва жаримага тортилди.

  • Акмалжон Музаффаров («Қизилқум»): Тўпсиз вазиятда рақиб юзига қўли билан ургани сабабли 2 та ўйинга дисквалификация қилинди.

  • Андрей Микляев («Олимпик-МобиУЗ»): Ёрдамчи ҳакамни ҳақорат қилгани учун 2 та ўйинга четлатилиб, жаримага тортилди.

  • «Сўғдиёна» ФК: Стадионда интернет таъминланмагани боис трансляция (КТС) узилиб қолган. Клуб жаримага тортилди.

  • «Каттақўрғон» ФК ва Отабек Боймуродов («Сурхон»): Мезбонлар техникаси (компьютер/билдирги) ишламай ўйин кечикишига сабаб бўлгани учун жаримага тортилди. «Сурхон» вакили Боймуродов эса ўйиндан кейин мухлислар билан тортишиб, ҳақоратли сўзлар ишлатгани учун жарима тўлайдиган бўлди.

3. Про лига: Вақтни чўзиш ва стадиондаги тартибсизлик

  • «Ғазалкент» ФК ва Улуғбек Ўринбоев («ТерДУ»): «Ғазалкент» — «ТерДУ» баҳсидан сўнг мезбон мухлислар майдонга пластик идишлар улоқтирган. Шу сабабли клуб жаримага тортилди ва кейинги уй ўйинида стадионнинг бир нечта сектори (CIP, 1A, 1B, 1C, 1D) томошабинлар учун ёпиладиган бўлди. «ТерДУ» футболчиси У.Ўринбоев эса вақтни чўзгани учун жаримага тортилди.

  • «Арал» ФК: «Арал» — «Яйпан» ўйинида стадион сухандони рақиб жамоа вакилининг автоголини бир неча бор кесатиқ билан такрорлаб, провакация юзага келтиргани учун клуб жаримага тортилди.

  • Сардорбек Саидов («Лочин») ва Жасурбек Умрзақов («Жайхун») ҳакамга эътироз билдириб, сариқ карточка олганликлари сабабли жарима тўлашади.

4. Биринчи лига: Шифокорсиз келган клублар ва кечиккан тез ёрдам

  • «Наманган ФА» ва «Навоий ФА»: Учрашув қайдномасига шифокор киритмагани ва ўйинга тиббиёт ходимисиз келгани учун икки клуб ҳам жаримага тортилди.

  • «Гулистон» ФК: Тез тиббий ёрдам машинаси стадионга 30 дақиқа кечикиб келгани ва ўйин вақти сурилгани учун мезбон клуб жаримага тортилди.

  • Жавоҳир Олимов («Тошкент ФА»): Рақиб оёғига хавфли тарзда зарба бергани учун 3 та ўйинга дисквалификация қилинди.

  • Олим Кушбаков («Жиззах ФА»): Захира ҳакамини ҳақорат қилгани учун 3 та ўйинга четлатилди.

  • Шаҳобиддин Пўлатов («Бунёдкор ФЖ») ва Ҳумаюн Синдаров («Аҳмедов ФК»): Майдондаги мушталашувга шайлангани учун ҳар икки футболчи 2 тадан ўйинга четлатилди.

5. U19 Чемпионати: Ҳакамларга тажовуз ва жиддий жазолар

  • «Олимпик-МобиУЗ U19»: Мусобақа банерини ўрнатмагани ва ўйин видеосини тўлиқ тақдим этмагани учун жаримага тортилди.

  • Комилжон Умрбеков («Хоразм U19») ва Саддам Аҳмадов («Ғазалкент U19»): Рақибга нисбатан ўта қўполлик ва куч ишлатгани учун ҳар икки футболчи 4 та ўйинга футболдан четлатилди.

  • Зоҳид Абдуллаев («Металлург U19») ва Анваржон Назиров («Андижон U19»): Ҳакамларни ҳақорат қилган ушбу мураббийлар 3 тадан ўйинга дисквалификация қилинди.

  • Даулетияр Медетбаев («Арал U19»), Одилхўжа Баҳодиров («Ғазалкент U19»), Озодбек Абдураҳмонов («Бунёдкор U19»), Муҳриддин Абдуғаниев («Динамо U19») ва Отабек Мансуров («Пахтакор U19» мураббийи) турли қўполликлар ва эътирозлар учун 2 тадан ўйинга четлатилишди.

  • Жамшиджон Орзиқулов («Локомотив U19»): Майдондаги тартибсизлик пайтида ёрдамчи ҳакамни кўкрагидан итариб юборгани учун 2 та ўйинга дисквалификация қилинди.

Манба: pfl.uz
Киритилди: 22:27, 28.05.2026.
Ўқилди: 1784 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.


счётчик