Франция терма жамоаси бош мураббийи Дидье Дешам ЖЧ-2026 кутувлари ҳақида ўз фикрларини билдирди.
«Бу жуда катта воқеа. Одамлар ҳозирданоқ 19 июль (ЖЧ финали) ҳақида ўйлашмоқда ва бу менга унчалик ёқмаяпти, ҳатто умуман ёқмаяпти десам ҳам бўлади. Гуруҳда бизни учта рақиб кутмоқда.
Ҳа, бизни энг кучли жамоалардан бири деб ҳисоблашади, аммо юқори мақсадлар ҳақида ўйлашдан олдин муҳим босқичлардан ўтиш кераклигини яхши биламан. Биз ушбу лаҳзага тайёр бўлиш учун бор кучимизни ишга соламиз.
Бошқа мураббийлар Франциянинг иккита тенг кучли таркиби борлигини айтишмоқда... Фаворитлар қаторида эканимизни инкор қилмайман. Лекин бошқалардан устунмизми? Худди шундай амбицияга эга 7-8 та жамоа бор ва фақат биттаси муваффақиятга эришади. Бу масъулиятдан қочиш эмас — амбиция жуда муҳим. Бироқ яна бир муҳим сўз бор — камтарлик.
Қоғозда ҳаммаси ажойиб кўриниши мумкин, лекин футболда салгина бўшашсангиз, бунинг учун жуда қиммат ҳақ тўлайсиз. Рақибларимиз жуда кучли. Худди бизнинг жамоа каби. Мен Ироқ, Сенегал ва Норвегияни камситмоқчи эмасман — булар ҳам жуда кучли футбол мамлакатлари», — деди Дешам













