Испаниянинг AS нашри тарқатган хабарга кўра, “Барселона” клуби Мадриднинг “Атлетико” жамоаси ҳужумчиси Хулиан Альваресни ўз сафига қўшиб олиш борасида шошқалоқликка йўл қўймоқчи эмас. Мадридликларнинг музокараларга киришишдан қатъий бош тортганига қарамай, Каталония клуби раҳбарияти вазиятни хотиржам кузатишда давом этмоқда.
Аргентиналик форвард ҳамон “Барселона”нинг келажакда Роберт Левандовскининг ўрнини босадиган асосий трансфер нишони бўлиб турибди. Бироқ “кўк-анорранглилар” ҳозирги шароитда “Атлетико”нинг музокаралар столига ўтиришни истамаётгани сабабли трансфер жараёни блоклаб қўйилганини тўғри баҳолашмоқда. Бундан ташқари, сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда икки клуб ўртасида юзага келган оммавий танқидлар ва кескинлик муносабатларни янада совуқлаштириб, расмий мулоқотлар бошланишини кечиктирмоқда.
Шунга қарамай, “Барселона” воқеалар ривожини тезлаштириш ниятида эмас ва вазиятнинг табиий равишда ривожланишига қўйиб берган. Клубга бу борада Антони Гордоннинг трансфер қилингани қўл келди — англиялик ҳужумчининг ҳужум чизиғидаги универсаллиги жамоа раҳбариятининг елкасидаги босимни сезиларли даражада камайтирди. Клуб музокаралар бўлажак Жаҳон чемпионати давригача сурилиб кетса ҳам бундан хавотирга тушмайди. Каталонияликларнинг фикрича, мундиалдаги иштирок Альвареснинг трансфер нархини кескин ошириб юбормайди.
Парда ортидаги жараёнларга тўхталадиган бўлсак, “Барселона” спорт директори Деку аллақачон футболчининг агенти Фернандо Идальго билан алоқага чиққан. ОАВда “Барса” 100 миллион евро атрофида дастлабки таклифни тайёрлагани айтилмоқда, аммо “Атлетико” клуби ҳозирча ҳеч қандай расмий таклиф олмаганини таъкидламоқда.
“Барселона” раҳбарияти агар футболчининг ўзи клубдан кетиш учун раҳбариятга босим ўтказишда давом этса, вазият ижобий томонга ўзгаришига ишонмоқда. Шу сабабли каталонияликлар ушбу трансферга шошилинч эҳтиёж эмас, балки узоқ муддатли стратегик мақсад сифатида қарашмоқда.













