«Манчестер Юнайтед» ярим ҳимоячиси Тайлер Флетчер Шотландия терма жамоасининг Жаҳон чемпионати учун якуний рўйхатидан жой олди. У Кюрасаога қарши шанба кунги ўртоқлик учрашувида тиззасидан жароҳат олиб, сафдан чиққан Билли Гилморнинг ўрнини эгаллади.
Тайлер Флетчер — Шотландия терма жамоаси сафида 80 та ўйин ўтказган афсонавий Даррен Флетчернинг ўғлидир. Тайлернинг ўзи ҳам миллионлар ўйинидаги дебютини айнан ўша Кюрасаога қарши баҳсда нишонлашга улгурди.
Бугун Шотландия терма жамоаси АҚШга учиб кетади. Бош мураббий Стив Кларк жароҳатланган Гилмор ўрнига 19 ёшли хавбекни олиб кетишга қарор қилди ва Шотландия футбол ассоциацияси бу мажбурий трансферни расман тасдиқлади.













