Кириш Регистрация

ЖЧ-2026га тайёргарлик: Бразилия Панама дарвозасига 6 та гол урди (Видеошарҳ)

Баҳо:
+ | -

Бразилия миллий терма жамоаси бўлажак жаҳон чемпионатига кўрилаётган тайёргарлик доирасида Рио-де-Жанейро шаҳрида Панама вакилларини қабул қилди ва йирик ҳисобда ғалаба қозонди.

Карло Анчелотти бошқарувидаги «пентакампеонлар» ҳужумкор ўйин намойиш этиб, рақибларини 6:2 ҳисобида таслим этди. Эътиборлиси, бразилияликлар устози танаффус пайтида таркибда бир йўла 10 та ўзгаришни амалга оширганига қарамай, жамоа иккинчи бўлимда рақиб дарвозасига яна 4 та тўп киритишга муваффақ бўлди.

Учрашув мезбонларнинг тезкор голи билан бошланди: ҳали иккинчи дақиқа давом этаётган бир пайтда Винисиус Жуниор жарима майдони ташқарисидан кучли зарба йўллаб, ҳисобни очди. Панамаликлар 14-дақиқада Амир Мурильо томонидан тепилган жарима зарбасининг Матеус Куньяга тегиб, йўналишини ўзгартиргани эвазига мувозанатни тиклашди. Шунга қарамай, биринчи бўлим тугаши арафасида Каземиро Винисиуснинг узатмасини бош билан дарвозага йўллаб, мезбонларни яна олдинга олиб чиқди.

Иккинчи бўлимда «селесао» устунликни тўлиқ ўз қўлига олди. Дастлаб «Борнмут» клуби ҳужумчиси Раян орадаги фарқни оширган бўлса, орадан кўп ўтмай Лукас Пакета тўртинчи голни урди. Шундан сўнг, «Брентфорд» вакили Игорь Тьяго рақиб посбони Орландо Москера томонидан йиқитилгани учун белгиланган пенальтини аниқ амалга ошириб, ҳисобни 5:1 кўринишига келтирди. Кўп ўтмай Данило Пакетанинг узатмасидан унумли фойдаланиб, олтинчи голга муаллифлик қилди. Учрашув якунида Карлос Харви Панаманинг иккинчи голини уриб, ҳисобни бироз юмшатди.

Мазкур баҳсда жароҳатидан тикланиш жараёнини ўтаётган терма жамоа етакчиси Неймар майдонга тушмади ва қайдномага ҳам киритилмади.

Маълумот учун, Бразилия терма жамоаси мундиал олдидаги сўнгги синов-назорат учрашувини Кливлендда Миср терма жамоасига қарши ўтказади. Жамоа жаҳон чемпионатидаги иштирокини эса 13 июнь куни Марокашга қарши баҳс билан бошлайди.

Киритилди: 13:02, 01.06.2026.
Ўқилди: 781 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.


счётчик