Испания терма жамоаси бош мураббийи Луис де ла Фуэнте жамоа ҳужумчиси Ламин Ямалнинг жароҳати ҳақида гапирди. Аввалроқ, футболчи тизза орти пайи жароҳати туфайли Жаҳон чемпионатининг иккита учрашувини ўтказиб юбориши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди.
“Энг аввало, биз унинг яхши спорт формасида етиб келишига ишонамиз. Клуб билан доимий алоқадамиз ва улар бизни Ямалнинг тикланиш жараёнидан ҳар куни хабардор қилиб туришибди. Биз унинг ажойиб ҳолатда бўлишини биламиз. Мен у биринчи ўйинга тайёр бўлади деб айтишим мумкин, аммо барибир тикланиш жараёнини кузатишда давом этамиз”, дейди мураббий.
Маълумот ўрнида, 2026 йилги Жаҳон чемпионати АҚШ, Мексика ва Канада майдонларида бўлиб ўтади. Испания терма жамоаси “H” гуруҳидан жой олган бўлиб, Саудия Арабистони, Кабо Верде ҳамда Уругвайга қарши майдонга тушади.
Ямал 18 ёшда бўлиб, у “Барселона” тарбияланувчиси ҳисобланади. Ҳужумчи асосий жамоада 2023 йилнинг апрелидан буён тўп суриб келмоқда. У клуб билан биргаликда Испания чемпиони (2023, 2025, 2026) ҳамда Испания Суперкубоги соҳиби (2025, 2026) бўлган, шунингдек, мамлакат Кубогини (2025) қўлга киритган. Ямаль миллий терма жамоа сафида 25 та ўйинда майдонга тушиб, 6 та гол ва 12 та голли узатмага муаллифлик қилган. У терма жамоаси сафида 2024 йилги Европа чемпионатида ғолиб бўлган.













