Чап қанот ҳимоячиси Леонардо Спинаццола «Наполи» билан янги икки йиллик шартнома тузиш бўйича келишувга эришди. Бу ҳақда инсайдер Фабрицио Романо ўзининг ижтимоий тармоқларидаги саҳифаларида маълум қилди.
Манба берган маълумотларга кўра, шартнома яқин вақт ичида расмийлаштирилади. Ортда қолган мавсумда Спинаццола клуб миқёсидаги барча мусобақаларда жами 42 та ўйинда майдонга тушиб, 3 та гол урди, 5 та голли узатмани амалга оширди ва 3 та сариқ карточка олди.
Спинаццола 2024 йилдан буён неаполликлар шарафини ҳимоя қилиб келмоқда ва клуб билан биргаликда мамлакат чемпионлиги ҳамда Суперкубогини қўлга киритган. «Transfermarkt» портали баҳосига кўра, 33 ёшли италиялик футболчининг бозор қиймати 3,5 миллион еврони ташкил этади.













