Ирландия терма жамоасининг собиқ футболчиси Рой Кин Англиянинг Жаҳон чемпионатидаги иштироки борасида ўз фикрларини билдирди. «Уч шерлар» иштирок этадиган ушбу турнир 11 июндан 19 июлгача АҚШ, Канада ва Мексика майдонларида бўлиб ўтади.
«Мени ҳимоя чизиғи хавотирга соляпти. Бу туйғуни ҳеч ичимдан чиқариб ташлай олмаяпман. Топ-терма жамоаларга қарши кечадиган плей-офф ўйинларида айнан шу жиҳат ҳамма нарсани барбод қилиши мумкин деб ўйлайман. Албатта, жамоада Кейндек ажойиб футболчи бор. Кейн бор экан, доим имконият бўлади, лекин ҳимояда инглизлар панд еб қолишлари мумкин», — деди Кин Sky Sportsга берган интервьюсида.
Шунингдек, Кин турнирнинг бош фаворитлари кимлар экани ҳақида ҳам гапирди:
«Франция терма жамоаси — даҳшатли таркибга эга».
«Испания — тўпни назорат қилиши ва Еврода қанчалик ажойиб ўйин кўрсатганини инобатга олсак, улар ҳам фаворитлардан».
«Рўйхатга Аргентинани ҳам қўшган бўлардим. Жанубий Америка жамоаларидан бири доим ўзини кўрсатишга қодирлиги аниқ».
Гуруҳ босқичида Англия терма жамоаси Гана, Хорватия ва Панама вакилларига қарши баҳс олиб боради.













