Роберто Манчини Италия терма жамоаси бош мураббийлигига қайтишга жуда яқин турибди. Бу ҳақда бир нечта манбалар, жумладан, ушбу мутахассиснинг тайинланишини «шунчаки расмиятчилик» деб атаган Жанлука Ди Марцио хабар бермоқда.
Николо Скиранинг маълумотларига кўра, 61 ёшли устоз Италия футбол федерацияси билан 2030 йилгача мўлжалланган шартнома имзолайди. Унинг йиллик маоши 2 миллион еврони ташкил этади.
Манчини аввал ҳам, 2018 йилдан 2023 йилгача миллий жамоани бошқарган эди. Унинг қўл остида италияликлар 2021 йилги Европа чемпионатида ғолиб чиқишган, бироқ 2022 йилги Жаҳон чемпионатига йўлланма ололмагандилар. Италия терма жамоасидан кетгач, мутахассис Саудия Арабистони миллий жамоасини бошқарди, аммо у ерда бир йилдан сал кўпроқ ишлади холос. Кейинчалик Манчини «Скуадра Адзурра»ни тарк этиш қарори хато бўлганини бир неча бор тан олган эди.
Жаҳон чемпионати саралашидаги муваффақиятсизликдан сўнг, шу йилнинг март ойида Женнаро Гаттузо истеъфога чиққач, Италия терма жамоаси бош мураббийи пости бўш қолаётган эди. Июнь ойидаги ўртоқлик учрашувларида жамоани Сильвио Бальдини бошқарди ва Люксембург ҳамда Греция устидан бир хил — 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Янги бош мураббий тайинланганидан кейин Бальдини яна Италия ёшлар терма жамоасидаги фаолиятига қайтиши кутилмоқда.













