Россиянинг Ведомости сайти ўз тарихида илк бор жаҳон чемпионатида қатнашадиган Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳақида катта мақола эълон қилди.
Мақолада Ўзбекистон МДҲ давлатлари Ичида мундиалга йўл олган ягона жамоа экани эътироф этилган. Шунингдек, терма жамоа бош мураббийи Фабио Каннаваро мусобақа олдидан идеал вазиятда экани ҳам таъкидланган.
“Ўзбекистонда Фабиога нисбатан муносабат турлича: у тайёрига келди”, дейди россиялик скаут Николай Егоричев. “Каннаваронинг обрўси ва тажрибаси бор (асосан ўйинчи сифатида) - у мундиалда бундан фойдаланишга ҳаракат қилади. 2026-йилги Жаҳон чемпионати олдидан бўлиб ўтган матбуот анжуманида мураббий турнирда миллий терма жамоа олдига катта мақсад қўйилмаганини айтди. Каннаваро ҳозир идеал вазиятда: агар терма жамоа гуруҳ босқичидан чиқа олмаса, ҳеч ким унга тош отмайди ва агар жамоа яхши ўйин кўрсатса, Ўзбекистонга миллий қаҳрамон сифатида қайтади".
“Ўзбекистон гуруҳда Португалия, Колумбия ва Конго Демократик Республикаси билан ўйнайди. Уларнинг барча рақиблари FIFA рейтингида юқорироқ (мос равишда 5, 13 ва 46-ўринлар; Ўзбекистон 50-ўрин), аммо плей-оффга чиқиш имконсиз натижа эмас: янги форматга кўра, гуруҳларда энг яхши натижа кўрсатган саккизта жамоа ҳам кейинги босқичга ўтади”, дейилади мақолада.
Бундан ташқари, Ведомости сайтидаги мақолада терма жамоа мухлисларининг АҚШга ташрифи ва футболчиларга мундиалда бериладиган мукофот пуллари масаласига ҳам тўхталинган.
“Мураккаб логистика ва мухлислар учун харажатлар қимматлиги туфайли биз катта қўллаб-қувватлаш гуруҳини кутмаяпмиз”, дея маълум қилган Ўзбекистон Футбол ассоциацияси ведомости сайтига.
“Бироқ биз АҚШда (Хюстон ва Атланта) яшовчи ўзбекларга умид боғлаймиз, у ерда бизда иккита ўйин бўлади.
Ўйинчилар учун бонуслар ва бошқа қўшимча тўловлар ҳали ҳам муҳокама қилинмоқда; бу ҳал қилинадиган масала. Ҳозирда биз учун футболчилар қулай шароитда жойлашиши ва ўйинларга бориб келиш учун минимал куч сарфлаши муҳим”, дейилади мақолада.
Аввалроқ FIFA Club Benefits Programme (Клубларга фойда келтириш дастури) қоидаларига кўра, футболчиси мундиалда қатнашадиган клубларга ҳар бир кун учун 11 минг АҚШ доллари миқдорида пул бериши эълон қилинганди.
Тўловлар нафақат гуруҳ босқичидаги ўйин кунлари, балки турнир бошланишидан 10 кун олдинги тайёргарлик даврини ҳам ўз ичига олади. Гуруҳ босқичи якунлангунга қадар (11 июндан 27 июнгача) жамоалар жами 27 кун давомида турнирда (ва унга тайёргарликда) расман қатнашган ҳисобланади.













