«Ньюкасл» ўнг қанот ҳимоячиси Тино Ливраментони қўйиб юборишга шошилмаяпти. 23 ёшли футболчини ўз сафига қўшиб олишга ҳамон «Арсенал» ва «Манчестер Сити» клублари жиддий қизиқиш билдирмоқда. Бироқ, TEAMtalk нашрининг хабар беришича, ҳар икки гранд ҳам камида 58 миллион фунт стерлинглик (67 миллион евродан ортиқ) молиявий талабни қондиришга тайёр эмас.
«Канонирлар» ва «шаҳарликлар» Англия терма жамоаси ҳимоячисининг иқтидорини юқори баҳолашмоқда, аммо ундаги жароҳатларга мойиллик клублар ўртасида хавотир уйғотмоқда. Шу сабабли, ҳар икки томон ҳам айни пайтда бошқа номзодлар вариантига юзланишган.
Якунланган мавсумда Тино Ливраменто «Ньюкасл» сафида 26 та учрашувда майдонга тушиб, 1 та голли узатмани амалга оширди. «Челси» академияси тарбияланувчиси ҳисобланган футболчининг Transfermarkt порталидаги трансфер баҳоси 45 миллион еврони ташкил этади.













