«Реал» клуби бош мураббийига айланиши кутилаётган Жозе Моуриньонинг расмий тақдимоти 2026 йил июлидан олдин ўтмайди. Бу ҳақда AS нашри хабар берди.
Манба маълумотига кўра, португалиялик мураббийнинг тақдимоти 8 июнь, душанба куни бўлиб ўтиши режалаштирилган эди. Бироқ «Сантьяго Бернабеу» стадионида Рим папасининг ташрифи муносабати билан ўтказилган тадбир сабаб клуб ўз режаларини кейинга қолдиришга мажбур бўлган.
Таъкидланишича, Моуриньонинг тайинлангани ҳақида яқин кунларда расман эълон қилиниши мумкин. Аммо шундан сўнг июль ойигача танаффус юзага келади.
Шунингдек, тақдимот маросими 13 июлга қадар ўтказилиши кераклиги қайд этилмоқда. Айнан шу куни «Қироллик клуби» 2026/2027 йилги мавсум олдиданги тайёргарлик йиғинини бошлайди.
Аввалроқ оммавий ахборот воситалари Моуриньо «Реал» билан 2028 йилгача мўлжалланган шартнома имзолаши, келишувда яна бир мавсумга узайтириш имконияти ҳам бўлиши ҳақида хабар берган эди. Мураббийнинг Мадрид клубидаги йиллик маоши 7–8 миллион евро атрофида бўлиши кутилмоқда.













