Бельгия терма жамоаси ярим ҳимоячиси Кевин де Брёйне жамоадоши Жереми Доку ҳақида фикр билдирди. «Наполи» хавбекининг сўзларига кўра, «Манчестер Сити» вингери сўнгги вақтларда жиддий ўсишга эришган.
«Доку анча самаралироқ ўйнайдиган бўлди. Унга қарши 90 дақиқа давомида ҳимояланишнинг деярли иложи йўқ – у бир ўйинда албатта 10-15 марта рақибларини алдаб ўтади. Жереми бир вақтнинг ўзида бир нечта рақибни ўзига тортади, бунинг эвазига бизда кўпроқ бўш ҳудудлар пайдо бўлади.
Энди у қачон алдамчи ҳаракатлар қилиш кераклигини, қачон эса пас берган маъқулроқлигини яхшироқ тушуняпти. Биз жуда яхши чиқишамиз ва у имконият туғилиши билан доим унга пас беришга ҳаракат қилишимни билади. Унинг Жаҳон чемпионатига энг яхши спорт формасида келгани жуда муҳим – унинг маҳорати бизга жуда асқотади», – дея маълум қилди де Брёйне матбуот анжуманида.
15 июнь куни бельгияликлар ЖЧ-2026даги илк ўйинда Мисрга қарши майдонга тушишади.













