Жаҳон чемпионатлари тарихида илк бор она ва ўғил дунёнинг энг нуфузли футбол мусобақасида иштирок этди. 16 июнь куни ЖЧ—2026 мусобақасининг гуруҳ босқичидан ўрин олган Эрон ва Янги Зеландия (2:2) учрашувида ҳимоячи Тайлер Биндон ўзининг жаҳон чемпионатларидаги дебютини нишонлади. У ўйиннинг сўнгги дақиқаларида майдонга тушиб, жамоасига ёрдам берди.
Ушбу воқеа тасодиф эмас. Тайлер футбол оламига бегона эмас — унинг онаси Женни Биндон Янги Зеландия аёллар футболи афсоналаридан бири ҳисобланади. У ўз вақтида терма жамоа сафида 77 та ўйин ўтказган. Женни 2007 ва 2011 йиллардаги жаҳон чемпионатлари ҳамда 2012 йилги Олимпиада ўйинларида иштирок этган тажрибали футболчи эди. Бугун эса унинг ўғли онасининг изидан бориб, эркаклар ўртасидаги мундиалда ўзини кўрсатмоқда. Бу ҳолат Жаҳон чемпионатлари тарихида илк марта кузатилган ҳолат.
Маълумот учун, футбол бўйича 2026 йилги Жаҳон чемпионати АҚШ, Мексика ва Канадада бўлиб ўтмоқда. Турнир 11 июнда бошланиб, 19 июлга қадар давом этади. Мусобақанинг амалдаги чемпиони Аргентина терма жамоаси ҳисобланади. Аргентиналиклар 2022-йилги Қатардаги мундиал финалида Францияни пенальтилар сериясида мағлубиятга учратиб, жаҳон чемпиони бўлган эди.













