2026 йилги Жаҳон чемпионати гуруҳ босқичи дастлабки учрашувида Ўзбекистон миллий терма жамоаси Колумбия терма жамоасидан 1:3 ҳисобида мағлубиятга учради. Ушбу натижа ҳақида таниқли спорт шарҳловчиси Дмитрий Губерниев ўз фикрини билдирди.
«Ўзбекистон футбол бўйича Жаҳон чемпионатида ҳали ўз сўзини айтади ва керакли натижани қўлга киритади! Порла, Тошкент, футбол шарқининг юлдузи!» — деб ёзди шарҳловчи ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
Эслатиб ўтамиз, ушбу учрашувда Ўзбекистон терма жамоасининг ягона голига ярим ҳимоячи Аббосбек Файзуллаев муаллифлик қилди.
Жаҳон чемпионатидаги навбатдаги баҳсда Фабио Каннаваро шогирдлари Португалия терма жамоасига қарши майдонга тушишади. Жамоалар ўртасидаги учрашув 23 июнь куни бўлиб ўтади.













