«Аталанта» клуби ҳимоячиси Марко Палестра Миланнинг «Интер» клубига кўчиб ўтиши мумкин.
Журналист Николо Скирага маълум бўлишича, «Интер» 21 ёшли футболчи учун берадиган таклифини бонуслар билан биргаликда 50 миллион еврогача оширишга тайёрланмоқда. Қайд этилишича, «Аталанта» 2025/26 йилги мавсум якунларига кўра А Сериянинг энг яхши ҳимоячиси деб топилган футболчисининг сотувидан айнан мана шунча маблағ ишлаб олмоқчи.
Айни пайтда клублар ўртасидаги музокаралар фаол тарзда давом этмоқда. Шу билан бирга, Палестранинг ўзи «Интер» билан йиллик 3 миллион евро маош кўзда тутилган ва 2031 йилгача мўлжалланган шахсий шартнома шартларини келишиб бўлгани айтилмоқда.
Ортда қолган мавсумда Палестра Италия чемпионати доирасида 37 та ўйинда майдонга тушиб, 1 та гол урди ва 4 та голли узатмани ўз ҳисобига ёздириб қўйди.













