Бразилия терма жамоаси бош мураббийи лавозимида фаолият юритаётган италиялик мутахассис Карло Анчелотти 2026 йилги Жаҳон чемпионати гуруҳ босқичи доирасидаги Гаити терма жамоасига қарши бўлажак ўйин ҳақида фикр алмашди.
«Гаитилик футболчилар жисмоний жиҳатдан қанчалик яхши тайёргарликка эга эканликларини кўрсатиб бўлишди. Улар тизимли футбол ўйнайдиган тартибли жамоадир. Биз ушбу жамоага ҳурмат билан ёндашишимиз керак. Жаҳон чемпионатида барча терма жамоалар жуда юқори мотивацияга эга бўлишади», — дея мураббийнинг сўзларини «селесао» матбуот хизмати келтирмоқда.
Бразилия ва Гаити терма жамоалари ўртасидаги учрашув эртага, 20 июнь куни бўлиб ўтади. Ўйин Тошкент вақти билан соат 05:30 да бошланиши режалаштирилган.













