«Аталанта» клубининг 21 ёшли ҳимоячиси Марко Палестра Миланнинг «Интер» клубида қанча маош олиши маълум бўлди.
Таниқли журналист Альфредо Педулланинг хабар беришича, «Интер» Палестра билан 5 йиллик шартнома борасида келишувга эришган. Италиялик футболчининг дастлабки мавсумдаги маоши 2 миллион еврони ташкил этади ва йилдан-йилга ошиб боради. Шунингдек, шартномада турли бонуслар ҳам кўзда тутилган.
Қайд этилишича, «Интер» ва «Аталанта» раҳбарияти ўртасидаги музокаралар шу дам олиш кунлари давом этади, чунки Италия чемпионлари ушбу трансферни кейинги ҳафтадаёқ батамом ҳал қилмоқчи.
Якунланган мавсумда Палестра ижара асосида «Кальяри» шарафини ҳимоя қилди. У А Серия доирасида 37 та ўйинда майдонга тушиб, 1 та гол урди ва 4 та голли узатмани амалга оширди.













