Швеция терма жамоаси бош мураббийи Грэм Поттер ЖЧ–2026 доирасида Нидерландияга қарши кечадиган баҳс олдидан ҳужумчи Александер Исакнинг имкониятларига юқори баҳо берди. Учрашув 20 июнь куни Тошкент вақти билан соат 22:00 да бошланади.
Исак мусобақанинг илк турида Тунис устидан қозонилган йирик (5:1) ғалабада битта гол ва 2 та голли узатмани амалга ошириб, бош ролни ўйнаган эди. Ўйин олдидан ташкил этилган матбуот анжуманида Поттер 26 ёшли футболчи клубдаги жароҳатларга бой мавсумдан сўнг, терма жамоадаги ўйин амалиёти туфайли ўз спорт формасини тиклаб бораётганини таъкидлади.
«Алекс ҳам жисмоний, ҳам спорт формаси борасида ўсишда давом этмоқда. У қанча кўп ўйин ўтказса, ҳолати шунчалик яхшиланиб боради. У ўйин тақдирини ҳал қила оладиган юқори маҳоратга эга ва биз ундан бундан ҳам кўпроғини кутмоқдамиз. Унга терма жамоа муҳитида бўлиш ва жамоадошлари билан ишлаш ёқади. Агар у майдонда эркин ва ўз кучига ишонган ҳолда ҳаракат қилса, биз учун жуда муҳим футболчига айлана олади».
Шундай сермаҳсул стартга қарамай, Поттер шошма-шошарлик билан хулоса чиқармасликка чақирди.
«Биз турнирни яхши бошладик, лекин олдинда ҳали узоқ йўл турибди. Мусобақа эндигина бошланди ва ҳар бир ўйин янги синовдир. Бизнинг вазифамиз — ўйиндан-ўйинга кучайиб бориш», — деди мураббий.













