«Реал» ва Бразилия ҳужумчиси Эндрик Жаҳон чемпионатидаги дебюти ҳақида фикр билдирди.
19 ёшли форвард Гаитига қарши кечган ва «селесао»нинг 3:0 ҳисобидаги ишончли ғалабаси билан якунланган учрашувнинг иккинчи бўлими, 64-дақиқасида захирадан майдонга тушди. Эндрик Райан Рошанинг ҳимоячилар орасидан узатган ажойиб пасидан сўнг рақиб дарвозасини ишғол қилишга ҳам муваффақ бўлганди, бироқ ушбу гол офсайд сабабли бекор қилинди. Ёш юлдуз голни нишонлашни бошлаб юборган бўлса-да, ён ҳакам аллақачон байроқчасини кўтариб улгурган эди.
«Мен жуда бахтлиман ва Яратгандан миннатдорман. Ҳаётимда ақл бовар қилмайдиган даражадаги воқеалар содир бўлмоқда.
Тўғри, урган голим бекор қилинди, лекин майдоннинг турли позицияларида жамоамга ёрдам беришга ҳаракат қилдим. Энг муҳими — мен Жаҳон чемпионатида ўйнадим ва гўдакликдаги ширин орзуимни амалга оширдим.
Мен жуда ҳам хурсандман. Албатта, дунё биринчилигида дебют қилиш — бу жуда ажойиб туйғу. Худога шукроналар айтишда давом этаман», — деди Эндрик учрашувдан сўнг.













