Германия терма жамоаси ҳужумчиси Дениз Ундав ЖЧ-2026 гуруҳ босқичидан ўрин олган Кот-д'Ивуарга қарши баҳснинг энг яхши футболчиси деб топилди.
Учрашув Канададаги «Би-Эм-О Филд» стадионида бўлиб ўтди ва Германиянинг 2:1 ҳисобидаги иродали ғалабаси билан якунланди. Немислар баҳс давомида ҳисобда ортда бораётган бўлса-да, иккинчи бўлимда вазиятни ўзгартиришга муваффақ бўлди.
29 ёшли Ундав майдонга 60-дақиқада захирадан туширилди ва жамоаси ғалабасининг асосий қаҳрамонига айланди. Ҳужумчи 68-дақиқада ҳисобни тенглаштирган бўлса, 90+4-дақиқада ғалаба голини киритиб, дубль қайд этди.
Статистикага кўра, Ундав 30 дақиқа ҳаракат қилди. У дарвоза томон учта зарба берди ва уларнинг барчаси аниқ чиққан. Шунингдек, икки марта ҳал қилувчи узатма амалга оширди. Унинг узатмалар аниқлиги 88 фоизни ташкил этди.
Эслатиб ўтамиз, Германия терма жамоаси гуруҳ босқичининг сўнгги турида Эквадорга қарши баҳс олиб боради. Кот-д'Ивуар эса Кюрасао билан куч синашади.













