«Манчестер Сити» ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов ва «Сурхон» клубининг 18 ёшли футболчиси Беҳруз Каримов манфаатларини ҳимоя қилувчи агент Ғайрат Хасбиуллин ёш ҳимоячининг жаҳон чемпионатигача бўлган оғир синовлари ҳақида гапирди.
Унинг сўзларига кўра, Каримов 12 апрель куни Ўзбекистон Суперлигаси доирасидаги ўйинда оёқ панжасининг бешинчи метатарзал суягини синдириб олган. Дастлаб шифокорлар гипс қўйиб, узоқ муддатли тикланишни тавсия қилишган ва бу ҳолат унинг мундиалда иштирок этиш имкониятини деярли йўққа чиқарган.
«Бироқ кейинчалик қўшимча текширув учун Тошкентга қайтишга қарор қилинди. Жараёнга мамлакатнинг энг яхши спорт тиббиёти мутахассисларидан бири Дилшод Аширов жалб этилди. Германия ва Италиядан мутахассислар билан маслаҳатлашувлар ўтказилди ва барча бир қарорга келди: тезроқ тикланиш учун кичик инвазив операция зарур эди», — деди Ҳасбиуллин.
Операция Тошкентда муваффақиятли ўтказилди. Аммо энг оғир вазифа футболчини бир ярим ойдан кам вақт ичида майдонга қайтариш эди.
Бу жараёнда «Ғазалкент» футбол клуби муҳим рол ўйнади. Каримов миллий терма жамоалар марказида яшаб, клуб шифокорлари ва реабилитологлари назорати остида тикланиш курсини ўтади. Шунингдек, клуб Ўзбекистонда мавжуд бўлмаган махсус ускуналарни хориждан олиб келди.
Кейинчалик Ўзбекистон терма жамоасининг италиялик тиббий штаби ҳам ишга қўшилди. Фабио Каннаваро ташаббуси билан жалб қилинган мутахассислар маҳаллий ва хорижлик шифокорлар билан доимий ҳамкорлик қилди.
«Бир неча ҳафта аввал имконсиздек кўринган нарса амалга ошди. Ўзбекистон тарихидаги илк жаҳон чемпионати ўйинида Беҳруз Каримов майдонга тушди ва муносиб дебют қилди. Бу нафақат ёш футболчининг жасорати, балки бир мақсад йўлида бирлашган мутахассислар меҳнатининг ҳам натижасидир», — деди Хасбиуллин.
Эслатиб ўтамиз, Каримов Колумбияга қарши баҳснинг сўнгги дақиқаларида майдонга тушиб, кучли зарбаси билан тўсинни нишонга олган эди.
Ўзбекистон терма жамоаси жаҳон чемпионатидаги навбатдаги учрашувини 23 июнь куни Португалияга қарши ўтказади.













