Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Хайр, Бразилия!

Баҳо:
+ | -

Деярли уч ярим соатга давом этган ва драматик воқеаларга бой кечган ўйинда Ўзбекистон терма жамоаси ўзининг ЖЧдаги юришини тўхтатди.

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг танқид қилинган "стандарт"лари бу сафар Қосимов шогирдларига наф келтирди. Ўйиннинг 5-дақиқасида иорданиялик ҳимоячи жарима майдончасига яқинлашиб бораётган Олег Зотеевни қўли билан тортиб қолди ва Бенжамин Уильямс жарима зарбасини белгилади. Сервер Жепаров 18 метрлар чамасидан тўпни дарвозанинг олис бурчагига йўналди ва дарвозабон уни ён томонга қайтариб юборди. Анзур Исмоилов эса яқин масофадан дарвозани ишғол қилди.

Иордания эса қисқа паслар орқали ҳимоямизни ёриб ўта олмагандан кейин узоқ масофадан дарвозани ишғол қилиш умидида бўлди. Уларнинг 3-4 та зарбаси наф чиқмаган бўлса-да (баъзиларини Зуҳуров қайтариб қолган бўлса, баъзилари ноаниқ кетди), улар охир-оқибат биринчи бўлим сўнгида ўз мақсадларига эришишди. Сайид Муржоннинг 25 метрлардан йўллаган зарбаси чиройли голга айланди.

Дарвоқе, биринчи бўлим ўрталарида терма жамоамиз уюштирган чиройли ҳужумдан кейин (Зотеев ва Аҳмедов ижросида) Ҳасанов яқин масофадан дарвозага зарба бериш ўрнига тўпни Жепаров узатишга қарор қилди ва вазиятни увол қилди.

Иккинчи бўлимнинг 58-дақиқасида терма жамоамиз гол уриш учун ажойиб имкониятга эга бўлди. Одил бошлаб берган ҳужум пайтида ҳимоячи тўпни Ҳасанов ерлатиб жарима майдончасига етказиб берди. Санжар Турсунов эса тўпни тўхтатди, зарба беришга яхши жой танлади ва зарба берди! Аммо зарба бераётганда Санжар "газ"ни бироз кўпайтириб юборди — тўп дарвоза тўсини устидан ўтиб кетди.

Иккинчи бўлим давомида катта устунлик Ўзбекистон томонида бўлди. Захирадан майдонга тушган Турсунов, Сергеев ва Нагаев жамоамизнинг ўйинига бироз ранг-баранглик бағишлади. Бироқ тўп дарвозалар тўрига бориб тушмади. Табиийки, иккита ўйинда бир хил натижа қайд этилгани учун ҳакам қўшимча бўлимлар белгилади.

Қўшимча бўлимнинг 11-дақиқаси бошланган пайтда "Пахтакор" стадионининг 3та прожектори учиб қолди ва майдонни битта прожектор ёритиб турарди. Австралиялик ҳакам дарҳол ўйинни тўхтатиб, чироқлардаги техник носозлик бартараф этилишини кутишга қарор қилди. Орадан 10 дақиқа ўтиб прожекторларнинг биттаси ёнди ва бирин-кетин қолган чироқлар ҳам ишга тушди. Ўйин қайта бошланиши учун 18 дақиқа вақт кетди.

Қўшимча бўлимларда ҳам ташаббус ва ҳужумкорлик вакилларимиз томонида бўлди. Бу ярим соат давомида Ҳуссом Ҳассан шогирдлари очиқчасига дурангга ўйнашганини таъкидлаш лозим. Умумий ҳисобда 210 дақиқа ғолиб номини аниқлаш учун етарли бўлмади.

Пенальтилар серияси ҳам нақ драматизмга айланиб кетди. Жамоалар дарвозалар томон 10 мартадан зарба беришди. Одил Аҳмедовнинг биринчи зарбаси дарвоза устунига тегиб қайтган бўлса, энг охирги бўлиб зарба берган Анзур Исмоилов тўпни тўғри дарвозабоннинг ўзига тепди. Иорданиянинг бешинчи футболчиси тўпни ноаниқ тепмаганида "лоторея" ўз вақтида якунланган бўларди. Пенальтилар серияси бўйича Иордания 9:8 ҳисобида ғалаба қозонди.

Шундай қилиб, Ўзбекистон терма жамоаси ЖЧ-2014 сралаш кампанияси якунлади. Бу сафар ҳам ҳаттоки қитъалараро плей-офф босқичига ҳам етиб бора олмадик. Афсус. 2018 йилги саралаш босқичи бошланишига эса ҳали анча бор...

ЖЧ-2014 САРАЛАШ. ОСИЁ, ПЛЕЙ-ОФФ ЖАВОБ УЧРАШУВИ
ЎЗБЕКИСТОН - ИОРДАНИЯ — 1:1. Пенальтилар серияси — 8:9
Гол: Анзур Исмоилов (5) — Саид Муржан (42)
Пенальтилар серияси:
Анас Бани Ёсин (0:1) — Одил Аҳмедов (0:1, дарвоза устуни)
Удай ас-Сайфий (0:2) — Сервер Жепаров (1:2)
Абдуллоҳ Дийб (1:3) — Темур Кападзе (2:3)
Сайид Муржан (2:4) — Ислом Тўхтахўжаев (3:4)
Аҳмад Хаел (3:4, ноаниқ) — Игорь Сергеев (4:4)
Аднан Сулаймон (4:5) — Акмал Шораҳмедов (5:5)
Муҳаммад Мустафо (5:6) — Виталий Денисов (6:6)
Амир Дийб (6:7) — Иван Нагаев (7:7)
Удай Заҳрон (7:8) — Санжар Турсунов (8:8)
Муҳаммад ал-Дмейрий (8:9) — Анзур Исмоилов (8:9, дарвозабон)
Огоҳлантиришлар: Иван Нагаев (99) — Амир Дийб (61), Абдуллоҳ Дийб (81), Амир Шафий (87), Муҳаммад ал-Дмейрий (120)
Ўзбекистон: 1. Муроджон Зуҳуров, 5. Анзур Исмоилов, 6. Жасур Ҳасанов (Игор Сергеев 59), 8. Сервер Жепаров, 9. Одил Аҳмедов, 11. Баҳодир Насимов (Иван Нагаев 82), 13. Олег Зотеев (Санжар Турсунов 45), 18. Темур Кападзе, 19. Виталий Денисов, 20. Ислом Тўхтахўжаев, 23. Акмал Шораҳмедов
Иордания: 1. Амир Шафий, 5. Муҳаммад Мустафо, 6. Сайид Муржан, 7. Амир Дийб, 10. Аҳмад Хаел, 11. Удай Заҳрон, 13. Халил Заид (14. Абдуллоҳ Дийб 56), 19. Анас Бани Ёсин, 20. Муъаб ал-Лаҳам (Удай ас-Сайфий 90+1) 21. Муҳаммад ал-Дмейрий, 23. Аҳмад Солиҳ (Аднан Сулаймон 83)
Ҳакамлар: Бенжамин Уильямс, Мэтью Крим, Хакан Аназ, Стребре Деловски (барчаси — Австралия)
Комиссар: Сунил Сенавейра (Шри Ланка)
Назоратчи: Тору Камикава (Япония)
Биринчи ўйин: 1:1

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 22:10, 10.09.2013.
Ўқилди: 11332 марта.
Фикрлар: 95 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.