Футбол бўйича Ўзбекистон миллий жамоаси сардори Элдор Шомуродов 2026 йилги Жаҳон чемпионатидаги иштирок ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди. Ҳужумчи ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида мухлисларга миннатдорчилик билдириб, илк мундиалдаги ҳиссиётлари билан ўртоқлашди.
“Болалигимдан Жаҳон чемпионатида ўйнашни орзу қилардим. Бугун эса бу орзум ушалди. Буни ҳиссиётларни сўз билан таърифлаб бўлмайди. Натижа биз кутгандек бўлмади ва бундан ҳам яхшироқ бўлиши мумкин эди. Аммо бу йўл менга унутилмас хотиралар, бебаҳо тажриба ва янада кучлироқ бўлиш имконини берди”, дейди Шомуродов.
Шунингдек, футболчи Ўзбекистон шарафини йирик мусобақа ҳимоя қилиш унинг учун катта фахр эканини алоҳида таъкидлаб ўтди.
“Энг муҳими, Ўзбекистон миллий жамоаси шарафини Жаҳон чемпионатида ҳимоя қилиш мен учун улкан фахр ва масъулият бўлди. Йўлимиз давомида мени ва бизнинг миллий жамоамизни қўллаб-қувватлаган барчага чин дилдан раҳмат. Йўлимиз давом этади”, дея сўзларини якунлаган жамоа сардори.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон миллий жамоаси ўз тарихида илк бор мундиалда иштирок этиб, гуруҳ босқичидаги ўйинларда Колумбия, Португалия ҳамда Конго ДР вакилларига имкониятни бой берди ва турнирни эрта тарк этди. Шунга қарамай, Элдор Шомуродовнинг Конго ДР дарвозасига киритган голи FIFA томонидан ЖЧ—2026 гуруҳ босқичининг энг чиройли голлари рўйхатига киритилди ва ҳозирда бу соврин учун даъвогарлик қилмоқда.













