Англия терма жамоаси бош мураббийи Томас Тухель Германия ва Нидерландия терма жамоаларининг Жаҳон чемпионати — 2026 нинг илк босқичида кутилмаганда чиқиб кетгани унинг жамоасига ДР Конгога қарши 1/16 финал учрашуви олдидан хотиржам бўлишга ва ҳаддан ташқари юқори умидлардан қочишга ёрдам беришини айтди.
«Плей-оффдаги кубок ўйинларининг табиати айнан шундан иборат. Нидерландия — Марокаш тўқнашуви худди чорак финал ёки ярим финалдек туюлади, иккала жамоанинг савияси туфайли Бразилия — Япония жуфтлиги ҳам ҳар қандай турнирнинг камида 1/4 финалига лойиқ эди. Бу шахсан менга нимани кўрсатмоқда? Канада қўшиб берилган вақтда ғалабани илиб кетди, Марокаш сўнгги дақиқаларда ҳисобни тенглаштириб, ишни охиригача етказди, Германия эса пенальтилар сериясигача бориб мағлуб бўлди. Менимча, бу маълум маънода бизни хотиржам қилиши мумкин.
Жамоалар жуда яхши шаклланган, ҳамма юқори даражада ҳимояланмоқда ва аъло даражада тайёрланган. Ҳозир ҳар қандай терма жамоага рақиб мудофаасини ёриб ўтиш қийин, айниқса, сен фаворит мақомида майдонга тушганингда ва йўқотадиган ҳеч вақоси йўқ рақибга қарши ўйнаганингда. Бу бизга фикрларимизни бир жойга жамлашга, вазиятни қабул қилишга ва ундан максимал фойда чиқаришга ёрдам беради», — дея Тухелнинг сўзларини келтиради ESPN.













