Испаниялик машҳур ярим ҳимоячи Санти Касорла 41 ёшида профессионал футболчилик фаолиятини якунлашга қарор қилди. Бу ҳақда футболчи ижтимоий тармоқларда эълон қилди.
«Шундай ҳикоялар борки, улар ҳеч қачон тугамайди. Улар абадий қолади. Ҳаммаси учун раҳмат», — деб ёзди Касорла.
Ярим ҳимоячининг сўнгги клуби «Реал Овьедо» бўлди, Касорла ўз фаолиятини айнан шу клубда бундан 25 йил аввал бошлаган эди. Ортда қолган мавсумда ярим ҳимоячи Ла Лига доирасида 28 та ўйинда майдонга тушди ва битта голли узатмани амалга оширди. Касорла фаолияти давомида Лондоннинг «Арсенал», «Вильярреал», «Малага» ва Қатарнинг «Ас-Садд» клубларида ҳам тўп сурган.
Касорла Испания терма жамоаси сафида икки карра Европа чемпиони ҳисобланади. Шунингдек, у «Арсенал» билан биргаликда икки мартадан Англия Кубоги ва Суперкубогида ғолиб чиққан.













