УЕФА АҚШ терма жамоаси ҳужумчиси Фоларин Балогуннинг ЖЧ-2026 даги қизил карточкасидан кейин дисквалификацияси кечиктирилгани борасида расмий баёнот эълон қилди.
«Кеча ўйинчи Фоларин Балогунга кўрсатилган қизил карточкадан сўнг автоматик равишда бериладиган бир ўйинлик дисквалификацияни қўллашни бир йилга тўхтатиб туриш бўйича қабул қилинган қарор қизил чизиқни босиб ўтди.
Футбол, худди бошқа исталган спорт тури каби, ҳалол, виждонан ва шаффоф рақобатнинг асоси бўлган қоидаларга таянади. Баъзан қоидалар турлича талқин қилиниши мумкин. Бу вазиятда эса йўқ. Қизил карточкадан кейин камида битта ўйинга автоматик равишда бериладиган дисквалификация ихтиёрий вариант эмас ва уни қўллаш учун ваколатли органнинг қарори талаб этилмайди. Бу регламентга киритилган принцип бўлиб, ундан мустасно ҳолатлар яратилиши мумкин эмас, айниқса, турнирнинг қизғин палласида, бошқа бир қанча ўйинчилар худди шундай вазиятга тушиб, ўз дисквалификациясини одатдагидек ўтаб бўлган бир пайтда.
Қоидаларнинг аниқлиги уларнинг ҳимоячилари томонидан кафолатланмай қўйганда, ўйиннинг ҳалоллиги хавф остида қолади, мусобақага бўлган ишончга эса путур етади. Бундан ташқари, бундай қарор жорий турнирда прецедент (ўрнак) яратади ва энди шунга ўхшаш вазиятларда мусобақа зарарига бўлса-да, тенг муносабатни талаб қилади.
Футбол дунёдаги энг севимли спорт тури ҳисобланади, чунки у гўзал ўйин ва унга ҳамма жойда бир хил қоидалар бўйича ўйналгани учун ишонишади. Турнир ҳеч қачон бутунлай алоҳида ҳодиса бўлиб қолмайди ва агар гап жаҳон чемпионати ҳақида кетаётган бўлса, у умуман бутун ўйин учун ҳам ижобий, ҳам салбий оқибатларни келтириб чиқаришга қодир.
Биз бундай мисли кўрилмаган, тушуниб бўлмайдиган ва оқлаб бўлмайдиган қарорга нисбатан ўз ишончсизлигимизни билдирамиз», — дейилади ташкилотнинг расмий сайтида.













