Лондоннинг «Арсенал» клуби «Спортинг» хавбеки ва сардори Мортен Юльманн трансфери атрофидаги вазиятни диққат билан кузатиб бормоқда. Бу ҳақда «O Jogo» нашри хабар бермоқда.
Мадриднинг «Атлетико» клуби Дания терма жамоаси аъзосини ўз сафига қўшиб олиш учун Лиссабон клубига дастлабки расмий таклифни юборган. Бироқ португаллар ушбу таклифни рад этишган. «Спортинг» президенти Фредерику Варандашнинг маълум қилишича, «матрасчилар» томонидан берилган таклиф футболчи учун белгиланган ҳақиқий баҳодан анча паст бўлган ва шу сабабли рад этилган.
«Арсенал» рақобатчисининг ушбу муваффақиятсизлигини ўзи учун катта устунлик ва трансферни амалга ошириш учун қулай имконият деб ҳисобламоқда. Шундай бўлса-да, «канонирлар» учун ҳам «Спортинг» билан музокаралар осон кечмайди, чунки клуб ўз етакчисини осонликча қўйиб юбормоқчи эмас.
Манбаларнинг қайд этишича, 27 ёшли ярим ҳимоячининг шартномасида 80 миллион евролик товон пули кўрсатилган, бироқ лиссабонликлар уни 50 миллион евро атрофидаги суммага ҳам қўйиб юборишлари мумкин.













