Германия футбол иттифоқи вице-президенти Ханс-Йоахим Вацке Юрген Клоппнинг Германия терма жамоаси бош мураббийлигига эҳтимолий тайинланиши ҳақида фикр билдирди.
«Келишув ҳали якунига етгани йўқ. Ҳали ҳам тўсиқлар мавжуд, масалан, Клоппнинг «Ред Булл» билан амалдаги шартномаси шулар жумласидандир. Ҳозирча шартнома имзоланиш имкониятини 50 фоиздан сал юқорироқ деб баҳолаяпман. Клопп айни дамда бизнинг бош мақсадимиз ҳисобланади. Аммо бизнинг ҳам ўз молиявий чегараларимиз бор. Юрген бизга чегирма қилиб беради, деб умид қиламиз, ахир у Германияни жуда яхши кўради», — дея Вацкенинг сўзларини келтиради ZDF.de.
Германия терма жамоаси ЖЧ-2026 да муваффақиятсизликка учраб, плей-оффнинг илк босқичидаёқ Парагвайдан мағлуб бўлди ва мусобақани тарк этди. Ушбу натижадан сўнг бош мураббий Юлиан Нагельсманн ўз лавозимини тарк этди.













