10 сентябрь куни ФИФА вице-президенти ҳамда Иордания Футбол Уюшмаси президенти Шаҳзода Али бин Ҳусайн Тошкентга ташриф буюрди.
ФИФА вице-президети ташриф чоғида ЎФФ Президенти Мираброр Усмонов ҳамроҳлигида Тошкентдаги «Бунёдкор» спорт мажмуасига ташриф буюрди ва янги стадионни кўздан кечирди.
«Биринчи навбатда Юртбошингиз ҳамда ЎФФ Президентини мана шундай ажойиб спорт мажмуаси қад ростлагани билан чин қалбимдан табриклайман», - дейди Шахзода Али бин Ҳусайн. Бу - мамлакатингизда спортга ва футболга жуда жиддий эътибор қаратилаётанинидан далолат», - дея қўшимча қилди ФИФА вице-президенти.
«Футбол - дунёдаги энг оммавий спорт тури. Ўзбекистонда ажойиб авлод шаклланаётганига ва мамлакат футболи ривожланиш йўлида эканлигига гувоҳ бўлдим», - дейди Шаҳзода Али.
ФИФА вице президенти, шунингдек, «Бунёдкор» стадионига ташрифи чоғида «Бунёдкор» футбол клуби академияси фаолияти билан танишди ва болалар футболига берилаётган катта эътибор ҳақида илиқ фикрларни билдирди.
«Болалар футболига бўлган эътибор ва уларга яратилган шароитлар аъло даражада. Яна бир маротаба Мамлакат раҳбари ҳамда ЎФФ Президентини бундай бунёдкорлик ишлари ва мамлакат футболида олиб борилаётган ажойиб ислоҳотлар учун чин қалбимдан табриклайман», дейди Шаҳзода Али бин Ҳусайн.
Шаҳзода Али бин Ҳусайн шунингдек, Ўзбекистон Футбол Федерацияси биносига ҳамда Ўзбекистон ҳамда Иордания миллий терма жамоалари ўртасидаги ЖЧ-2014 саралаш плей-офф жавоб учрашувини кузатиш учун «Пахтакор» стадионига ташриф буюрди.
Қуйида, ФИФА вице-президенти Шахзода Али бин Ҳусайннинг Тошкентга қилган ташрифи чоғидаги фотосуратларни томоша қилишингиз мумкин. Суратлар муаллифи — Ҳасан Пирмуҳамедов.