Мадриднинг «Атлетико» клуби собиқ футболчиси Фернандес Габи мураббийлар штаби таркибида жонажон клубига қайтмоқда, деб хабар беради Marca нашри.
Манбанинг маълумотларига кўра, янги мавсумдан бошлаб Габи бош мураббий Диего Симеоне билан ҳамкорликни давом эттиради, аммо бу сафар унинг ёрдамчиси сифатида фаолият юритади. У жамоада саккиз йиллик фаолиятдан сўнг клубни тарк этаётган Нельсон Виваснинг ўрнини эгаллайди.
Габи «Атлетико» тарбияланувчиси ҳисобланади. У «матрасчилар» сафида 2004 йилдан 2007 йилгача, сўнгра 2011 йилдан 2018 йилгача тўп сурган. Клубдан кетганидан кейин у Қатарнинг «Ас-Садд» жамоасида икки мавсум ўйнади ва 2020 йилда футболчилик фаолиятини ўша ерда якунлади. Кейинчалик у мураббийлик фаолиятини бошлаб, «Хетафе»нинг ёшлар таркибида ҳамда «Сарагоса» тизимида ишлашга улгурди.













