Саудия Арабистонининг «Ал-Ҳилол» клуби «Барселона» вингери Рафиньянинг эҳтимолий трансфери ҳақида тарқалган маълумотларни инкор қилди. Бу ҳақда 365Scores нашри хабар бермоқда.
Эълон қилинган маълумотларга кўра, клуб бразилиялик футболчи бўйича нафақат музокаралар олиб бормаяпти, балки уни ёзги трансфер ойнаси учун ўз режаларига ҳам киритмаган.
«Ал-Ҳилол» раҳбарияти ушбу миш-мишлардан норозилигини билдирди. Клубдагиларнинг фикрича, Саудия жамоаси номининг бундай хабарларда тилга олиниши шунчаки «Барселона»га босим ўтказиш ва футболчининг шартнома шартларини яхшилаб олиш мақсадида ишлатилаётган бўлиши мумкин.
Рафиньянинг ўзи ҳам яқин келажакда «Барселона»ни тарк этиш нияти йўқлигини бир неча бор таъкидлаган. Унинг каталонияликлар билан амалдаги шартномаси 2028 йилга қадар мўлжалланган.













