Ярим ҳимоячи Кёртис Жонс шу ёзда «Ливерпуль»ни тарк этиши мумкин.
TEAMtalk нашрининг хабарига кўра, Миланнинг «Интер» клуби инглиз футболчисини ўз сафига қўшиб олишга бўлган қизиқишини сусайтирмаяпти. Дастлабки иккита таклифи рад этилган «нераззури»лар футболчи учун учинчи бор сўров юборишга ҳозирлик кўришмоқда. Инсайдларга кўра, «Интер» бу сафарги таклиф суммасини 25 миллион фунт стерлинггача оширади. Бироқ «Ливерпуль» ўз тарбияланувчисини камида 30 миллион фунт стерлингга сотишни кўзламоқда.
Кёртис Жонс «Ливерпуль» академияси маҳсули ҳисобланади ва унинг клуб билан амалдаги шартномаси 2027 йилнинг 30 июнига қадар мўлжалланган. Ортда қолган 2025/26 йилги мавсумда ярим ҳимоячи «мерсисайдликлар» таркибида барча мусобақаларда 49 та ўйинда майдонга тушиб, 3 та гол урди ва 3 та голли узатмани амалга оширди. Transfermarkt портали Жонснинг айни дамдаги трансфер баҳосини 35 миллион еврога баҳоламоқда.













