Сенегал футбол федерацияси 2026-йилги Жаҳон чемпионати вақтида ўз футболчилари учун тиббий суғурта расмийлаштирмагани маълум бўлди. Бу ҳақда Sports News Africa нашри хабар бермоқда.
Нашрнинг ёзишича, терма жамоа дарвозабони Эдуард Менди бу ҳолатни гуруҳ босқичида Норвегияга қарши ўйинда (2:3) тиззасидан жароҳат олгач билиб қолган. Жароҳат оғирлигини аниқлаш учун МРТ текширувидан ўтиши керак бўлган посбон, суғурта йўқлиги сабабли тиббий муолажа харажатларини ўз ёнидан тўлашга мажбур бўлган.
Воқеанинг энг ҳайратланарли томони — Сенегал терма жамоасининг бош шифокори Абдураҳмон Федиор футболчилар билан ишлаш учун тегишли тайёргарликка эга бўлмаган. Аниқланишича, терма жамоа шифокори аслида мутахассислиги бўйича гинеколог ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, Сенегал терма жамоаси Белгияга имкониятни бой бериб (2:3), ЖЧ-2026 даги иштирокини 1/16 финал босқичида якунлади. Умумий ҳисобда сенегалликлар турнирдаги 4 та ўйиндан 3 тасида мағлубиятга учради ва фақатгина Ироқ устидан қозонилган ягона ғалаба (5:0) эвазигагина плей-оффга чиққан эди.
Мусобақа якунлангач, Сенегал футбол федерацияси терма жамоа бош мураббийи Пап Тиявни истеъфога чиқариш бўйича қарор қабул қилди.













