Бразилия терма жамоаси ва Италиянинг “Милан” клуби афсонаси, 2002 йилги Жаҳон чемпиони Кафу Карло Анчелоттининг 2026-йилги Жаҳон чемпионатига Неймарни олиб бориш қарори ҳақида фикр билдирди.
Унинг таъкидлашича, Неймарни терма жамоага чақириш мураббий қарори бўлган ва бу қарорни муҳокама қилишнинг ҳожати йўқ. Бироқ футболчининг жисмоний ҳолати унга тўлиқ ўйнаш имконини бермаган.
“Анчелотти Неймарни майдонга туширишга мажбур эмас эди. Унинг тўлиқ ўйин ўтказишга тайёр бўлганига ишончим комил эмас. Балки у жароҳатлари ва узоқ вақт ўйнамагани сабаб 30 дақиқа ҳам ҳаракат қила олмасди. Жаҳон чемпионатида тикланиш учун вақт бўлмайди. Бундай турнирда фақат 100 фоиз тайёр футболчилар майдонга тушиши керак”, деди собиқ футболчи.
Унинг сўзларига кўра, Неймарни терма жамоага қайтариш қарорини бутун Бразилия қўллаб-қувватлаган, аммо таркибда бўлиш ва майдонга тушиш ўртасида катта фарқ бор.
“Катта турнирларга тўрт йил тайёргарлик кўрасиз. Аммо битта тактик хато ёки тайёр бўлмаган футболчини майдонга тушириш сабаб бу меҳнатнинг барчаси бекорга кетиши мумкин”, дея қўшимча қилди у.
Кафунинг айтишича, Бразилияда деярли ҳамма Неймар мундиалда асосий рол ўйнай олмаслигини олдиндан билган.
“У сўнгги уч ярим йил ичида кетма-кет бешта ўйин ўтказмади. Жаҳон чемпионатига жароҳат билан келди, 25 кун майдонга тушмади ва Анчелотти қўл остида ҳали бирорта ҳам учрашувда иштирок этмаганди. Шунинг учун унинг мундиалга тайёр эмаслигини ҳамма тушунарди”, деди собиқ ҳимоячи.
Кафу Неймар фақат фавқулодда вазиятларда 15–20 дақиқага майдонга тушиши мумкинлигини, Норвегияга қарши учрашувда ҳам шундай режа бўлганини, бироқ бу амалга ошмаганини айтди. Шунингдек, у барча муваффақиятсизлик учун Неймарни айблаш нотўғри эканини таъкидлади.
“Олти йил аввал Неймар якка ўзи ўйинни ўзгартириб юбора оларди. Ҳозир эса у бундай даражада эмас”, деди Кафу.
Маълумот учун, Бразилия Жаҳон чемпионати 1/8 финалида Норвегияга 1:2 ҳисобида имкониятни бой бериб, мусобақа билан хайрлашди. Ўша учрашувда Неймар пенальтидан жамоасининг ягона голини урди. Аламли мағлубиятдан сўнг кўз ёшларини тия олмаган ҳужумчи миллий жамоадаги фаолиятини якунлаганини расман эълон қилди.













