Англия терма жамоасининг собиқ ҳимоячиси Жон Терри 2026 йилги Жаҳон чемпионати финалида Европа жамоаси — Испанияни фаворит деб ҳисоблашини билдирди.
«Испания — менинг назаримда фаворит. Иккала жамоа ҳам тўп билан муомала қилишда ва уни назорат қилишда жуда қулай ҳис қилади. Аммо аргентиналикларнинг инглизларга қарши ўйинида барча ҳужумлар ўнг қанотдаги Лионель Месси орқали амалга оширилди.
Ҳар сафар улар чап қанотга ўтганида, тўп жуда тез яна ўнг қанотга қайтаётганди.
Марк Кукурелья Францияга қарши кечган ярим финалда ўйиннинг энг яхши футболчиси деб топилди. Испания терма жамоаси чап қанотда жуда кучли кўринмоқда.
Бундан ташқари, испанияликлар Франциядан бирорта ҳам гол ўтказиб юборишмади ва умуман олганда, жаҳон чемпионатида деярли гол ўтказишмаяпти — бу шунчаки ҳайратланарли.
Аргентиналиклар эса улкан хавф туғдиради. Жаҳон чемпионати давомида кўрганимиздек, улар ҳар қандай вазиятдан чиқиш йўлини топишади. Агар сизда Мессидек сеҳргар бўлса, сизда доимо имконият бўлади.
Лекин ўйлайманки, Испания бу Аргентина учун жуда кучлилик қилади. Шунга қарамай, аргентиналиклар инглизларга қарши ўйинда кўп жамоалар мақтана олмайдиган хислатни — матонатни намойиш этишди.
Уларнинг Англияга қарши ўйинида менга ёққани шу бўлдики, ҳар бир ташланган подкатдан кейин барча футболчилар дарҳол югуриб келиб, кичик можаро бошлашди.
Улар жуда жипслашган, уларда матонат сезилиб турибди, лекин барибир Испания ғалаба қозонади деб ҳисоблайман», — дея Террининг сўзларини келтиради Metro.













