Мюнхеннинг «Бавария» клуби ҳимоячиси Конрад Лаймер Германия гранди билан янги меҳнат шартномаси имзолангани ҳақида гапириб ўтди. Томонлар ҳамкорликни 2029 йилгача узайтиришди.
«Мен бу ерда ўйнаётганимдан жуда хурсандман. «Бавария» шарафини ҳимоя қилиш менга завқ бағишлайди. Жамоага турли позицияларда ёрдам бера оламан, жамоа фаровонлиги йўлида бор кучимни беришга тайёрман. Янги мавсум бошланишини катта интизорлик билан кутяпман», — дея австриялик футболчининг сўзларини клуб матбуот хизмати келтирмоқда.
Ўтган ўйин кампаниясида 29 ёшли австриялик футболчи 47 та баҳсда иштирок этди. Лаймер учта урилган гол ва 12 та голли узатма билан ажралиб турди.













