Португалия терма жамоасининг янги бош мураббийи Жорже Жезуш жамоа сардори ва ҳужумчиси Криштиану Роналду, шунингдек, миллий жамоа таркибидаги эҳтимолий ўзгаришлар ҳақида ўз фикрларини билдирди.
«Қарор қабул қилиш вақти келганда, Криштиану ва бошқа барча футболчилар билан шахсан суҳбатлашаман. Криштиану — Португалия рамзи ва унинг номи мамлакат футболи тарихида абадий қолади. Мен у билан “Ан-Наср”да ишлаганимдан жуда мамнунман. Мен футболчини ёшига қараб баҳоламайман. Бу Криштиануга ҳам тегишли.
Айримлар янги мураббий келиб, таркибда катта ўзгаришлар қилади, деб ўйлаши мумкин. Аммо бундай бўлмайди. Мен содда эмасман. Қолаверса, ҳозирги таркибга кирмаган кўплаб футболчиларни чақириб кўриш учун етарлича вақтим ҳам йўқ. Танлов доираси унчалик кенг эмас», — деди Жезуш Footmercato нашрига.
Эслатиб ўтамиз, 41 ёшли Криштиану Роналду 2026 йилги жаҳон чемпионатида учта гол урди. Португалия терма жамоаси эса 1/8 финалда Испанияга 0:1 ҳисобида мағлуб бўлиб, мусобақани тарк этган эди.













