Каталониянинг «Барселона» клуби собиқ сардори Серхио Бускетс сешанба куни кутилмаганда Жоан Гампер номидаги спорт мажмуасига ташриф буюрди. Diario Sport нашрининг хабар беришича, ташрифдан мақсад — клуб ёшлар тизимида мураббийлик лавозимини эгаллаш бўйича музокаралар ўтказиш бўлган.
Афсонавий ярим ҳимоячи мураббийлик фаолиятини «Барса Атлетик» жамоаси мураббийлар штабида бошлашни режалаштирмоқда. У мураббийлик лицензиясини олишдан олдин зарур амалий тажрибани орттириш учун бош мураббий Жулиано Беллети қўл остида меҳнат қилади.
«Барселона» раҳбарияти ушбу ташаббусни катта хайрихоҳлик билан кутиб олди. Клуб мутасаддилари Бускетснинг юқори даражадаги тактик тушунчаси ва жамоадаги обрўсини юқори баҳолаб, уни «Ла Масия»дан етишиб чиқаётган ёш истеъдодлар учун муҳим устоз деб ҳисоблашмоқда.
Маълумот учун, Серхио Бускетс яқиндагина Нью-Йоркдан қайтиб келган эди. У ерда собиқ футболчи Испания терма жамоасининг ЖЧ-2026 финалидаги ғалабасини бевосита стадиондан кузатган. Тажрибали ярим ҳимоячи ўзининг мураббийлик фаолиятини бошлаш учун қадрдон клубини энг мақбул макон деб топди.













