«Ливерпуль»нинг собиқ дарвозабони Лорис Кариус Чемпионлар лигаси финалидаги муваффақиятсизликни қандай бошдан кечиргани ҳақида сўзлаб берди.
2018 йилги Чемпионлар лигаси финалида Англия клуби «Реал»га мағлуб бўлган эди (1:3). Ушбу ўйинда голкипер Гарет Бэйлнинг узоқдан йўллаган зарбасидан сўнг ва тўпни Карим Бенземага ноўрин ошириб бериб, голга олиб келган иккита жиддий хатога йўл қўйганди.
Финал ўйини ҳақида: «Ушбу вазиятгача фаолиятим шиддат билан юқорилаб бораётган эди, кейин эса тўсатдан ҳамма нарса барбод бўлди — мен энг тубга шўнғидим. Бу жуда оғир кечди, чунки у пайтда тахминан йигирма беш ёшда эдим ва ҳозиргидек ўзимга ишончим мустаҳкам эмасди. Очиғини айтганда, ўша даврда футболга бўлган меҳримни йўқотдим. Бошқа машғулот ўтказишни ҳам, ўйнашни ҳам хоҳламай қолгандим».
Муаммолари ҳақида гапирганда, ажойиб клубда ўйнаши, шинам хонадони борлиги ва яхши даромад олиши ҳақидаги гапларни эшитгани ҳақида: «Аммо буларнинг ҳеч бири мен учун аҳамиятга эга эмасди. Мен шунчаки бахтсиз эдим ва мени бу чуқурдан ҳеч ким олиб чиқа олмайдигандек туюларди. Бу жуда оғир йиллар бўлди».
Психологга мурожаат қилиш ҳам ёрдам бермагани ҳақида: «Барибир вазиятни ўзгартира олмадим. Бу йиллар давомида ушбу инқироздан қандайдир тарзда ўзим мустақил равишда чиқиб кетишга муваффақ бўлдим», — деди ҳозирда «Шальке»да тўп сураётган Кариус.













